Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади
Шавкат Мирзиёев Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Қатар бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қатар делегацияси Марказий Осиё—Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши мулоқоти мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатда бўлиб турибди. Бош вазир Муҳаммад Ол Соний Ўзбекистон етакчисига Қатар амири Тамим ибн Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва тилакларини етказди.
Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Давлат раҳбари сиёсий мулоқот жадал тус олгани, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми фаол ошаётганини қайд этди.
Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда. Октябрь ойида Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади. Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан, Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий кескинлашаётгани юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мавзуга оид хабарлар:
Шавкат Мирзиёев Озарбайжон маданият вазири билан учрашув ўтказди Қатар Ўзбекистондан ишчи кучи жалб этишни бошлайди Ўзбекистон ва Қатар ишчиларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйяпти Ўзбекистон ва Қатар трансафғон темирйўли қурилишини жадаллаштириш ниятида Ўзбекистон ва Қатар стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим имзолади