23 Aprel 2024, 14:53 Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Британия ТИВ раҳбарлари ҳамкорлик тўғрисида иккита ҳужжат имзолади

Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон ва Британия ТИВ раҳбарлари ҳамкорлик тўғрисида иккита ҳужжат имзолади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Британиянинг Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмеронни қабул қилди.

«Суҳбатимиз самарали ва мазмунли бўлиб, барча соҳалар бўйича Ўзбекистон-Британия алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган асосий вазифаларни белгилаш имконини берди», — дея маълум қилди Бахтиёр Саидов.

Қайд этилишича, учрашувда иқтисодий муносабатларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

«Британия томонининг ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқаларни ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини қадрлаймиз», — дейди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Ўзбекистон ва Британия ўртасида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

Аввалроқ Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга сафар қилиши, ташрифларда Британия билан савдо, хавфсизлик ва атроф-муҳит бўйича алоқаларни кенгайтириш мақсадида музокаралар ўтказилиши хабар берилганди.

Машҳур янгиликлар