16 Aprel 2024, 14:15 Oʻzbekiston

Ўзбекистон ва Қатар трансафғон темирйўли қурилишини жадаллаштириш ниятида

Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Қатар трансафғон темирйўли қурилишини жадаллаштириш ниятида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Қатар давлати бош вазири, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Бош вазир Муҳаммад Ол Соний Ўзбекистон етакчисига Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда. Октябрь ойида Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтади. Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги қайд этилди.

Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий кескинлашаётгани юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Mashhur yangiliklar