25 Aprel 2024, 17:11 Ўзбекистон

Ҳудудий электр тармоқлари энергия харажатларини ҳисоблаш калькуляторини ишга туширди

Калькулятор орқали 1 майдан кучга кирадиган янги нархларни турли тарифларда ҳисоблаш мумкин.

Ҳудудий электр тармоқлари энергия харажатларини ҳисоблаш калькуляторини ишга туширди

«Ҳудудий электр тармоқлари» электр энергияси истеъмолини ҳисоблаш калькуляторини ишга туширди. Бу ҳақда корхона матбуот хизмати хабар берди.

Корхона сайтида ишга тушурилган калькулятор орқали 1 майдан кучга кирадиган янги нархларни турли тарифларда ҳисоблаш мумкин. Калькулятордан ҳавола орқали фойдаланиш мумкин.

Ботга маиший истеъмолчи сифатида бир ойлик электр энергияси миқдорини киритиб, нархларини билиш мумкин. Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» сайтидаги «Шахсий кабинет» орқали шахсий ҳисоб рақамга оид маълумотларни реал вақт режимида олиш имконияти ҳам мавжуд.

Унда истеъмол қилинган электр энергияси миқдори, қолдиқ ва бошқалар тўғрисида маълумотлар берилади. Бунинг учун олдиндан мобил алоқа рақами турар жойдаги электр таъминоти корхонаси ёки банк кассалари орқали тизимга уланган бўлиши керак.

Шу билан бирга, телефон рақамига «Шахсий кабинет»га кириш учун логин кўрсатилган SMS-хабар тақдим этилган бўлиши лозим. «Шахсий кабинет»га кириш учун тизимга уланган мобил рақамдан «П» ҳарфини 2100 қисқа рақамига SMS-хабар кўринишида юбориб, паролга эга бўлиш мумкин.

Шунингдек, 2100 қисқа рақамига «Д» ҳарфини SMS-хабар кўринишда юбориш орқали, мавжуд қарз ҳақидаги маълумотлар олинади. Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб истеъмолчилар энергоресурслар учун ижтимоий норма асосида табақалаштирилган тартибда ҳақ тўлашни бошлашади. Бунинг учун базавий тариф (ойига 200 кВт/соатгача) 450 сўмни ташкил этади.

Машҳур янгиликлар