25 Yanvar 2023, 00:10 Ўзбекистон

Сирдарёда кўпкари учун олиб келинган бўри табиатга қўйиб юборилди

Бўрини уйида сақлаган фуқарога нисбатан 3 млн сўм миқдорида жарима жазоси белгиланди.

Сирдарёда кўпкари учун олиб келинган бўри табиатга қўйиб юборилди

Сирдарё вилоятида ўтказиладиган кўпкари учун Зомин қўриқхонасидан бўри олиб келиниши ҳақида тарқалган хабар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Сирдарё вилояти Экология бошқармаси ҳамда Ички ишлар ходимларининг ўрганишларида видеотасвирдаги фуқаролардан бири Ховос туманининг «Истиқлол» маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Р экани аниқланди.

Ўрганишлар давомида Ш.Р кўпкарига соврин учун бўри қўйишни мақсад қилгани, видеотасвирдаги ҳолат Зомин туманида тасвирга олингани ва бўри ушбу туманда яшовчи фуқаро Э.А нинг уйида сақланаётганини билдирган. Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиззах вилояти Экология ва Ички ишлар бошқармалари ходимларига тегишли маълумотлар тақдим қилинди.

Ушбу маълумотларга асосан Зомин тумани Экология бўлими ва ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида «Туркман» МФЙда яшовчи К.Ғ. исмли фуқаро ўз хонадонида бўрини ноқонуний тарзда тутқунликда сақлаб келаётганлиги аниқланди. Ушбу фуқаро бу ҳаракати билан Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 4, 32, 33-моддалари талабларини бузган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур фуқарога нисбатан Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси, 1-бандига асосан БҲМнинг 10 баравари, яъни 3 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди. Давлат инспекторлари томонидан бўрининг ҳолати кўздан кечирилганда, жонивор соғлом эканлиги маълум бўлди. Шундан сўнг бўри табиат бағрига қўйиб юборилди.

Машҳур янгиликлар