26 Aprel 2024, 15:04 Ўзбекистон

Яккасарой ҳокимлиги юристи тумандаги мактаб бассейнида вафот этди

18 апрель куни туман ҳокимлигининг давлат хизматчилари зиёфат уюштиргани ва у тумандаги мактаблардан бирининг бассейнида давом этгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яккасарой ҳокимлиги юристи тумандаги мактаб бассейнида вафот этди

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокимлиги юрисконсулти Нодир Акбаров мактаб бассейнида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, ҳокимлик ходимлари учун 18 апрель куни зиёфат тадбири ўтказилган. Унда спиртли ичимликлар истеъмол қилинган бўлиши мумкин. Тадбир якунлангач, ҳокимнинг икки ўринбосари ҳамда юристи маишатни тумандаги 160-сонли болалар ва ўсмирлар мактабига тегишли бассейнда давом эттиришган. Бассейнда чўмилиш чоғида ҳокимлик юрисконсултининг соғлиги ёмонлашиб, вафот этган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, 2024 йил 18 апрел куни соат 15:30 лар атрофида 1970 йилда туғилган эркак, Яккасарой тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси туманда жойлашган мактабдаги бассейнда чўмилганда аҳволи ёмонлашиб, вафот этган.

Марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайнланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 2024 йил 22 апрель куни Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг қарорига кўра Нодир Акбаров билан меҳант шартномаси унинг вафот этгани муносабати билан бекор қилинган.

Машҳур янгиликлар