26 Yanvar 2023, 17:47 Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Бишкекка етиб борди

Уларни «Манас» аэропортида Қирғизистон президенти ва рафиқаси кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Бишкекка етиб борди
Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга 26 январь куни давлат ташрифи билан Бишкек шаҳрига борди.

Икки мамлакатнинг давлат байроқлари билан безатилган «Манас» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва унинг рафиқаси кутиб олди.

Бу ерда давлат раҳбарларига Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасидаги дўстликни тараннум этувчи мусиқий-фольклор чиқишлар намойиш этилди. Сўнг президент Қирғизистон бош вазири Акилбек Жапаров ҳамроҳлигида «Ата-Бейит» миллий тарихий-ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари 1916 йилги фожиали воқеаларнинг қурбонлари хотирасига бағишланган «Уркун» ёдгорлиги пойига гул қўйди. Мажмуа 2000 йилда қирғиз давлатчилигининг энг муҳим босқичлари ҳақидаги тарихий хотирани тиклаш ва асраб-авайлаш мақсадида ташкил этилган. Давлат ташрифининг асосий тадбирлари эртага, 27 январь кунига мўлжалланган.

Машҳур янгиликлар