21 Iyun 2024, 16:51 Oʻzbekiston

Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади

Банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш каби қўшимча мақсадлар қонунда акс эттирилмоқда.

Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади

Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлашга оид қўшимча ваколатлар берилади. Бу ҳақда Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.

Ялпи мажлисда «Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши муносабати билан кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир чоралар даражасини ошириш зарурати юзага келмоқда.

Мазкур қонунга асосан кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари томонидан хавфсизлик ва киберхавфсизлик таҳдидларини аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш бўйича Марказий банкка қўшимча ваколатлар белгиланмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Банк сири тўғрисида»ги, «Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги ва «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунларга киберхавфсизликни таъминлашга оид меъёрлар киритилмоқда.

Mashhur yangiliklar