8 Aprel 2024, 14:48 Ўзбекистон

Газ баллон ўрнатилган 300 тадан ортиқ автобус техник синовдан ўтказилмаган ҳолда одам ташиб юргани маълум бўлди

Қайд этилишича, юборилган сенатор сўровининг жавобини Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилиш режалаштирилган.

Газ баллон ўрнатилган 300 тадан ортиқ автобус техник синовдан ўтказилмаган ҳолда одам ташиб юргани маълум бўлди

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов 300 дан ортиқ автобуснинг техник ҳолати юзасидан Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Ачилбай Раматовга сенатор сўровини юборди. Бу ҳақда Сенат хабар қилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ «JV MAN Auto-Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган «MAN А 22 CNG» русумли автобусларга истисно тариқасида СТГ-3 русумидаги газ баллонларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишга рухсат берилган.

Шунингдек, қарорда «Ўзавтосаноат» АЖ қошида замонавий юқори технологияли синов лабораториясини ташкил этиш, кейинчалик уларни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва СТГ-3 (LNG-3) русумидаги газ баллонларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш белгиланган.

«Ҳукумат қарорининг ушбу талаблари шу кунга қадар ижро этилмади. Оқибатда СТГ-3 русумидаги баллонлар билан жиҳозланган JV MAN Auto-Uzbekistan МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган 300 дан ортиқ автобусда 2018 йилдан бери техник синовдан ўтказилмаган ҳолда йўловчи ташилмоқда. Бу эса минглаб, балки миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида автобус ва бошқа транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларининг портлаши билан боғлиқ содир бўлаётган ҳолатлар бунга яққол мисолдир», — дейилади Сенат хабарида.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 январдаги 28-сон қарорига мувофиқ Хитойда ишлаб чиқарилган СТГ-3 русумли газ баллонлари билан жиҳозланган автобуслар истисно тариқасида харид қилинишига рухсат берилган ва бугунги кунда мамлакат кўчаларида ушбу автобуслар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Автобусларда инсон саломатлиги ва ҳаёти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳамда юқорида қайд этилган автобусларга ўрнатилган СТГ-3 русумли газ баллонларини ҳам техник синовдан ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбитдин Бурхонов Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Ачилбай Раматовга сенатор сўровини юборди.

Сенатор сўровида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 815-сонли қарорида белгиланган юқори технологияли синов лабораториясини ташкил этиш ва СТГ-3 (LNG-3) русумидаги газ баллонларини синовдан ўтказиш бўйича мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш бўйича вазифанинг ижроси нима учун таъминланмагани ҳамда мазкур лабораторияларни ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тушунтириш бериш сўралган.

Машҳур янгиликлар