25 Aprel 2024, 18:50 Ўзбекистон

2028 йилгача энергия самарадорлигини ошириш учун 500та бино реконструкция қилинади

Хусусан, кўмир қозонлари қайта тикланадиган энергия манбаларидан қувват олувчи иситиш ва сув иситиш тизимларига алмаштирилади.

2028 йилгача энергия самарадорлигини ошириш учун 500та бино реконструкция қилинади

Энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки янги «Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» лойиҳасини ишга туширмоқда. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга ва бинолар секторида тоза энергияга хусусий сармояни жалб қилиш учун муҳитни ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистонда якуний энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади, ундан кейин саноат (22 фоиз) ва транспорт (20 фоиз) соҳалари туради. Жамоат бинолари соҳасида туман шифохоналарида энергия сарфининг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84 фоизи, қишлоқ врачлик пунктларида 88 фоизи, мактабларда эса 97 фоизи иситиш учун сарфланади.

Аксарият жамоат бинолари 1970−1980 йилларда энергия самарадорлиги стандартларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилган. Улардаги иссиқлик изоляцияси ёмон ҳолатда бўлиб, ҳарорат бўйича қулайлик стандартларига жавоб бермайди. Бу биноларда эскирган қозонлар ва ҳаддан ташқари кўп энергия истеъмол қиладиган гидроник иситиш тизимлари қўлланилади.

Мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали бир йилда 7 минг ГВт/соатдан ортиқ энергияни тежаш мумкин. Шундан 6810 ГВт/соатга яқини иссиқлик, 240 ГВт/соатдан ортиғи эса электр энергияси кўринишида иқтисод қилиниши мумкин.

Машҳур янгиликлар