9 Noyabr 2023, 08:01 Лайфстайл

Уят ҳам, шарманда ҳам эмас. Тошкентда NeUyat кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Рассомлар жамиятнинг бир қисми жинсий зўравонликни нормал қабул қилишини таъкидлайди. Улар зўравонликка учраганлар эмас, буни қилганларга уят кўзи билан қарашни тарғиб этмоқда.

Уят ҳам, шарманда ҳам эмас. Тошкентда NeUyat кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Тошкентда NeUyat фестивали бошланди. Зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси иккинчи марта ўтказаётган галерея 139 Documentary Center марказида ташкил этилди. Уни ўтказишдан мақсад: жинсий зўравонлик каби ҳодисалар атрофида сукунат ва уят маданиятини йўқ қилишдир.

«Бизнинг жамиятимизда жинсий зўравонликни яшириш, унга дучор бўлганларнинг дардини қадрсизлантириш учун жавобгарликни уларнинг ўзига юклаб қўйиш одат тусига кирган: нотўғри кийиндим, шу ҳаракатим нотўғри, бу вақтда бу ерда бўлишим керак эмасди. Бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш эмас, уялиш ва шармандалик ҳисси билан қараш одат тусига кирган», — дейди Nemolchi.uz лойиҳаси координатори Нигина Худайбергенова.

Фестивалнинг очилиш маросимида, аввалгиси каби, NeUyat кўргазмаси бўлиб ўтди. Унга ўз ижодини намойиш қилган 13 рассом учун бу нафақат жинсий зўравонлик муаммосига ўз муносабатини билдириш, балки ўтмишда шу каби ҳолатларга дуч келган ёки ҳозирги пайтда бошдан кечираётганларни қўллаб-қувватлашга уринишдир.

Экспозициянинг асосий ранги — ёрқин пушти. Унинг ёрдами билан кўргазма иштирокчилари ўзлари айтаётган ҳодиса жамиятнинг бир қисми томонидан ижтимоий меъёр сифатида қабул қилинишини таъкидлайди: «Ҳамма шундай яшаяпти-ку!» каби. Куч ва қудратга таяниладиган дунёда заифроқ ҳолатда бўлган ёш болалар, ўсмирлар, аёллар, қарияларни қўллаб-қувватлашдан кўра, агрессорларнинг хатти-ҳаракатини оқлайдиган сўзлар кўпроқ янграйди.

Машҳур янгиликлар