2 May 2024, 13:56 Ўзбекистон

Ўзбекистон чақалоқларда туғма нуқсонларни даволаш йўналишида Швеция билан ҳамкорлик қилади

Республикада фармацевтика саноатини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар ва Тошкент тиббиёт академияси салоҳияти тўғрисида алоҳида тақдимот ўтказилди.

Ўзбекистон чақалоқларда туғма нуқсонларни даволаш йўналишида Швеция билан ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Швеция онкология, юрак-қон томир касалликлари ва чақалоқларда туғма нуқсонларни даволаш йўналишларида ҳамкорлик қилади.

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Даврон Султонов бошчилигидаги делегациянинг Швецияга ташрифи ташкил этилди.

Ташриф доирасида Швеция Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат котиби, Swecare, E-health, Medical Products агентликлари, Каролинска тиббиёт институти, Солгренска университети ва Қиролича Силвия номидаги болалар касалхонаси, Лулео технология университети, AstraZeneca, Elekta ва Getinge компаниялари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар давомида швед томонига Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги кундаги ривожланиш босқичи ва истиқболдаги режалар тўғрисида маълумот берилди. Бундан ташқари, республикада фармацевтика саноатини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар ва Тошкент тиббиёт академияси салоҳияти тўғрисида алоҳида тақдимот ўтказилди.

Учрашувлар натижасида Ўзбекистон ва Швеция ўртасида онкология, юрак-қон томир касалликлари ва чақалоқларда туғма нуқсонларни даволашда замонавий усуллар ва технологияларни жорий қилиш, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика тармоғини рақамлаштириш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Машҳур янгиликлар