2 May 2024, 18:35 Лайфстайл

Ботир Қодиров ва Жўраевларга оид суд иши ёпиқ тарзда кўриб чиқиладиган бўлди

Жавобгар томон – ака-ука Жўраевларнинг ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш ҳақида киритган илтимосномаси қаноатлантирилган.

Ботир Қодиров ва Жўраевларга оид суд иши ёпиқ тарзда кўриб чиқиладиган бўлди

Ботир Қодиров ва Жўраевларга оид суд иши ёпиқ тарзда кўриб чиқилади. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Бугун, 2024 йил 2 май куни Тошкент шаҳри Учтепа туманлараро судида хонанда Ботир Қодировнинг оталикни белгилаш ҳақидаги даъвоси юзасидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтган.

Унда судя ака-ука Жўраевлар вакилининг ишни унда иштирок этувчи шахсларнинг ҳаётига тааллуқли бўлган маълумотларнинг ошкор бўлишига йўл қўймаслик учун ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш ҳақида киритган илтимосномаси қаноатлантирилганини ва Фуқаролик процессуал кодексининг 12-моддасига асосан Ботир Қодировнинг даъвоси бўйича ўтказиладиган суд мажлислари ёпиқ тарзда бўлиб ўтишини маълум қилган.

Тошкент шаҳар судининг маълум қилишича, Ботир Қодировнинг даъво аризаси судга 2024 йилнинг 19 март куни келиб тушган. Ишни кўриш 15 апрелга белгиланган. Жавобгар вакили иш билан танишиш учун ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўрагани сабабли навбатдаги суд мажлиси 23 апрелга қолдирилган.

23 апрель, сешанба кунги суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни (фотосуратлар, далолатнома ёзуви ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхасини) талаб қилиб олиш учун ишни кўриш 2 майга қолдирилганди.

Даъво аризага Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази мутахассисининг 2023 йил 29 сентябридаги фикри илова қилинган. Иловада Ҳалимжон Нурматов ва Қодиров Ботир Шералиевичнинг амаки-жиян экани бўйича фикр берилган.

Янгийўл тумани ФҲДЁ бўлими томонидан 2008 йил 26 февраль куни фамилиясини «Жўраев»дан «Қодиров»га, отасининг исмини «Шерали ўғли»дан «Шералиевич»га ўзгартиргани ҳақидаги 46- ва 48-сонли иловалар судга тақдим этилган.

Машҳур янгиликлар