12 Mart 2024, 12:44 Лайфстайл

«Россия санъаткорлари учун дунёда майдонлар қисқариб кетди» — Озодбек Назарбеков

У россиялик қўшиқчиларнинг Ўзбекистонда концерт бериши ҳақида гапираркан, «улар учун дунёда майдонлар қисқариб кетди, шу сабаб бўш майдон қидиришга маҳкум», деди у.

«Россия санъаткорлари учун дунёда майдонлар қисқариб кетди» — Озодбек Назарбеков

Чет эл қўшиқчиларининг Ўзбекистонда бўладиган концертларига Маданият вазирлигининг алоқаси йўқ, бу хусусий тадбиркорлар томонидан ташкиллаштирилади. Бу ҳақда 11 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир Озодбек Назарбеков таъкидлади.

Тадбирда журналистлар томонидан вазир Озодбек Назарбековга охирги йилларда россиялик кўплаб қўшиқчилар Тошкентда концерт бериш таклифини билдиргани, аммо буни жамоатчилик фаоллари қўллаб-қувватламагани ва концертлар ўтказилмай қолдирилгани, Ўзбекистонда концерт намойиш этиш истагидаги россиялик санъаткорлар сони кўпайиб бораётгани ҳақида гапирилди.

Шунингдек, яқин йиллар ичида қанча хорижлик санъаткор Тошкентда концерт ўтказгани ҳақида статистик маълумотлар сўралди. Маданият вазирининг қайд этишича, пойтахтда концерт беришни истаган хорижлик қўшиқчилар тўғрисида вазирликда статистика юритилмайди.

«Биз ҳам худди сиздек қайси хонанда қачон ва қаерда концерт беришини рекламалар орқали кўриб биламиз. Сабаби концертни биз эмас, тадбиркор ташкил этади. Хусусий тадбиркорларда ҳозир чет элдан хонандалар олиб келиш, рухсат олиш ва концерт ташкиллаштириш имконияти бор. Вазирлик бошқа давлат ижодкорларини халқаро фестиваллар ёки маданият кунларига таклиф қилади холос. Лекин тижорат мақсадида амалга оширилаётган концертлар тадбиркорлар томонидан қилинади», — деди у.

Назарбеков нафақат россиялик, балки бошқа давлат қўшиқчилари ҳам тадбиркорлар орқали Тошкентга бемалол келиб, концерт бериб кетишлари мумкинлигини айтди. «Бугунги кунда Россия санъаткорлари учун қайсидир маънода дунёда майдонлар қисқариб кетди. Табиийки улар ҳозир ўзлари учун бўш майдон, яъни қаергадир бориш имкони бўлган ёки аҳоли қабул қиладиган майдонларни қидиришга маҳкум. Россиялик санъаткорлар тадбиркорлар орқали [Ўзбекистонга ҳам] келиб, бемалол концерт бериб кетишлари мумкин. Нафақат Россия, балки бошқа мамлакатлар санъаткорлари ҳам», — деди Маданият вазири.

Машҳур янгиликлар