25 Aprel 2024, 08:18 Жаҳон

2024 йил ёзида рекорд даражадаги иссиқлик ва намлик башорат қилинмоқда

АҚШнинг Калифорния университети олимларига кўра, глобал исиш даврида дунё бўйлаб Эл-Нинё ҳодисасининг оқибатлари кучайяпти.

2024 йил ёзида рекорд даражадаги иссиқлик ва намлик башорат қилинмоқда

2024 йил ёзи иссиқлик ва намлик бўйича рекордларни янгилаши мумкин, деб огоҳлантирмоқда иқлимшунослар. АҚШ Калифорния университети олимлари томонидан тайёрланган башорат экватор бўйлаб катта ҳудудларни, жумладан, Ҳиндистон ва Африканинг катта қисмини, Марказий ва Жанубий Америка ва Австралияни, шунингдек, АҚШ бир қисмини қамраб олади.

Олимлар Эл-Нинё ҳодисасининг глобал ҳароратнинг ошишига таъсирини таҳлил қилди. Эл-Нинё – табиий иқлим ўзгаришининг иссиқ даври. Глобал исиш даврида бу ҳодиса ўз оқибатларини янада кучайтирмоқда. Олимларнинг таъкидлашича, энг юқори ҳарорат Эл-Нинё чўққига чиққанидан тахминан беш ой ўтгач содир бўлади. Охирги чўққи 2023 йил декабрига тўғри келган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2024 йилда тропик минтақада ўртача максимал нам ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 26,2 даражани ташкил қилади. Унинг аввалги ҳарорат рекордини янгилаш эҳтимоли 68 фоизга тенг.

Шимолий Ҳиндистон каби нам иссиқликдан тез-тез азият чекадиган ҳудудларда бу ёзда рекорд даражадаги иссиқлик ва намликнинг 50 фоиз эҳтимоли бор. Саҳил минтақасида (Сахара чўллари ва Ғарбий Африка саванналари орасидаги ўтиш зонаси) хавф 35 фоизга баҳоланмоқда.

Олимлар иссиқлик ва юқори намликнинг комбинацияси жуда хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирди. Кўпчилик қуруқ иссиқликка тоқат қила олади, аммо нам иссиқлик тана учун катта стрессдир. Ҳаво қанчалик нам бўлса, тер шунчалик кам буғланади, бу тернинг совутиш таъсирини камайтиради ва тана ҳароратини нормал сақлашни қийинлаштиради.

Машҳур янгиликлар