Шаҳрисабзда туризм кластери ташкил этилади
Бу учун 240 млрд сўмга йўлларни таъмирлаш, 115 миллиард сўмга Ғелон қишлоғида инфратузилма яратиш режалаштирилган. У ерда 3000 гектар майдонда тоғ-чанғи курорти қурилиши бошланди.
Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Унинг сўзларига кўра, дунёда иқтисодий вазият қийинлашган ҳозирги шароитда кўпроқ иш ўрни яратадиган, инвестиция ва экспортни кўпайтирадиган соҳаларни қўллаб-қувватлаш зарур. Бу соҳага йўналтириладиган ҳар бир доллар келгусида 3−4 баробар даромад келтиради, ҳар бир янги иш ўрни бошқа тармоқларда яна 2 та иш жойи ҳосил қилади, деди у.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти форуми доирасида 2 миллиард 300 миллион долларлик инвестициявий келишувларга эришилган бўлса-да, 15 та лойиҳа бўйича ҳеч қандай тараққиёт йўқ, деди президент.
Давлат раҳбари Шаҳрисабз туманидаги Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари оралиғидаги 3 минг гектар майдонда хорижий инвесторлар томонидан тоғ-чанғи мажмуаси қурилиши бошланганини таъкидлади. Мираки қишлоғининг мастер режаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Дам олиш маскани қурилиши 2023 йил декабрь ойида Қашқадарё ҳокими Муротжон Азимовнинг Россиянинг «Казанские канатные дороги» компанияси ва «Гордеев» архитектура бюроси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувидан сўнг маълум бўлганди. Қиймати 300 миллион долларга тенг бўлган мажмуа 8,6 км узунликдаги учта дор йўл, уч ва беш юлдузли меҳмонхоналар ва бошқа объектларни ўз ичига олади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2026 йил охирида якунланиши режалаштирилган.
Мавзуга оид хабарлар:
O‘zbekistonliklar turistik maqsadda qaysi davlatlarga ko‘proq borayotgani aytildi Endi ayrim tadbirkorlar chetdan avtobus va mikroavtobuslar import qilganida bojxona bojidan ozod etiladi O‘zbekistonda yangi milliy turizm brendi yaratiladi Turizm sohasidagi faoliyatga qo‘yiladigan talablar soddalashtirildi Oʻzbekiston turistlarni jalb qilish uchun TTJdan 50 mln dollar kredit oladi