16 Yanvar 2023, 10:48 Ўзбекистон

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент ҳокими лавозимидан озод этилди

Президент мажлисида энергетика соҳасиниг бир қатор масъул раҳбарлари ҳам ишдан олинди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент ҳокими лавозимидан озод этилди

Шавкат Мирзиёев ҳузурида 16 январь куни энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

«Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман», — деди давлатимиз раҳбари.

Юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланди. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди.

Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.

Шу боис, вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди. Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига «ҳайфсан» берилди. «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдурахмонов лавозимидан озод этилди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Рахмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланди.

Машҳур янгиликлар