7 May 2024, 10:29 Ўзбекистон

Ўзбекистонда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташкил этилмоқда

Марказ тасдиқланадиган миллий дастурлар ижросини мунтазам мониторинг қилиб, чора-тадбирлар бўйича давлат органларига тақдимнома ва таклиф киритади.

Ўзбекистонда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташкил этилмоқда

Ўзбекистонда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташкил этилмоқда.

Миллий марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • нарковазиятни ҳудудлар кесимида илмий-амалий ва ахборот-таҳлилий жиҳатидан тизимли равишда чуқур ўрганиб бориш, асосий омиллар ҳамда тенденцияларни аниқлаш ва прогноз қилиш;
  • гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини шакллантириш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • мутасадди давлат органлари томонидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини эксперт жиҳатидан баҳолаш, бу борада ягона ахборот алмашинуви ва идоралараро ҳамкорликни ташкил этиш, халқаро грантларни жалб қилиш орқали уларни замонавий техник ускуналар билан таъминлаш;
  • хорижий давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан манзилли ҳамкорликни ўрнатиш, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан БМТга йиллик маърузалар тайёрлаш;
  • илғор миллий ва хорижий тажрибаларни доимий ўрганиш ҳамда унинг натижаларини жорий этиш ва оммалаштириш бўйича методика, таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, масъул давлат органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш.

Миллий марказ:

  • тасдиқланадиган миллий дастурлар ижросини мунтазам мониторинг қилиб, чора-тадбирлар бўйича давлат органларига тақдимнома ва таклиф киритади;
  • гиёҳвандлик воситаларини назорат қилишда эришилган натижаларни (аниқ кўрсаткичлар акс эттирилган ахборотни) доимий равишда кенг жамоатчиликка етказиб боради;
  • ҳар уч ойда Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 – 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегияси ижроси ва республикадаги нарковазият юзасидан умумлаштирилган ҳисоботни Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссиясига киритади;
  • ҳар йил якунида Стратегия ижроси ва республикада нарковазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари юзасидан йиллик миллий маърузани тайёрлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида муҳокама қилиш учун киритади.

Машҳур янгиликлар