7 May 2024, 17:54 Ўзбекистон

Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига мослашиш миллий режаси устида иш олиб борилмоқда

Тошкентда бўлиб ўтган иқлим ўзгариши ва мослашув масалаларига бағишланган анжуманда миллий мослашув режасини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар қабул қилинди. Бундай режага эга бўлиш Иқлим бўйича Париж келишувига содиқ бўлган ҳар бир давлат учун мажбурийдир.

Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига мослашиш миллий режаси устида иш олиб борилмоқда

6−7 май кунлари Тошкентда иқлим ўзгариши ва мослашув масалалари бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди, дея хабар қилди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Тадбир БМТТД, Яшил иқлим жамғармаси (ЯИЖ) ва Гидрометеорология хизмати агентлигининг Ўзбекистонда мослашиш чоралари ва ҳаракатларини ўрта ва узоқ муддатли режалаштиришга қаратилган «Иқлим ўзгаришига энг заиф бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва минтақаларга мўлжалланган миллий мослашув режаси» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Конференциядан кўзланган мақсад иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича фаолиятнинг устувор йўналишларини белгилаш ва мослашиш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашувлар ва имкониятларни тақдим этиш, шунингдек, Марказий Осиё минтақаси давлатларининг Миллий мослашув режаларини тайёрлашда олинган сабоқлар ҳақида хабардорлигини оширишдан иборат.

Тадбирда Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, давлат ва нодавлат ташкилотлари, илмий ҳамжамият, халқаро ривожланиш агентликлари ва иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасида фаолият юритувчи молия институтлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатлари иқлим ўзгариши кучли таъсир кўрсатаётган ва бундай ўзгаришлар олдида заиф бўлган минтақадир. Бу ерда ҳаво ҳарорати сайёрадаги ўртача кўрсаткичдан 1,7 баравар тезроқ ўсиб бормоқда, бу эса сўнгги 50 йил ичида музликлар майдонининг ҳажми деярли 32 фоизга қисқаришига олиб келди. Бу дарёлар оқимларининг пасайишига олиб келиш баробарида минтақанинг озиқ-овқат ва энергия соҳаларидаги хавфсизлиги учун хавф туғдиради.

Минтақада ҳозирнинг ўзида тобора ортиб бораётган сув ресурслари тақчиллиги (Марказий Осиёда аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси икки баравар камайган (3500 дан 1630 метр кубгача), иссиқлик тўлқинлари давомийлигининг ошиши, ёғингарчилик режими ва жадаллигининг ўзгариши кузатилмоқда. Буларнинг барчаси унумдор ерлар сифатининг ёмонлашувига, шунингдек, чўлланиш жараёнларининг давом этиши, авваллари бу ҳодисаларга дучор бўлмаган ҳудудларда чанг ва қум бўронларининг тез-тез содир бўлишига олиб келади.

Машҳур янгиликлар