16 Aprel 2024, 16:58 Ўзбекистон

Тошкентдаги мактабда ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларини игна ва «саморез» санчиб жазолагани аниқланди

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Вазиятни Болалар омбудсмани назоратга олган

Тошкентдаги мактабда ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларини игна ва «саморез» санчиб жазолагани аниқланди

Сергели туманининг 277-мактаб педагоги 1-синф ўқувчиларининг қўлига игна ва «саморез» санчиб, уларни жазолагани аниқланди. Ўқитувчи шундай усулда болаларни «тарбиялашга» уринганини билдирган. Ҳолат ортидан педагог ишдан кетган, Болалар омбудсмани вазиятни назоратга олган.

Ҳолат Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 277-мактабнинг 1-«э» синф ўқувчилари билан содир бўлган. Болалар омбудсманининг хабар беришича, 16 апрель куни болаларнинг 15 нафар ота-онаси мактаб директорининг ҳузурига келиб, 1-«э» синф раҳбари устидан шикоят қилган.

Унга кўра, ўқитувчи ўқувчилар қўлининг кафт қисми устига «саморез» ва игналар билан санчиб, турли жароҳатлар етказган, «гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини» билдиришган.

“1-«э» синф раҳбари С.Р. болаларга нисбатан шундай номақбул ҳаракатларни содир қилганлиги юзасидан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилди”, дейилади расмий изоҳда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Вазиятни Болалар омбудсмани назоратга олган. Бу бўйича қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.

Машҳур янгиликлар