26 Yanvar 2023, 10:08 Ўзбекистон

Тошкентда ўрнатиладиган тиббий контейнерлар бирламчи ёрдам кўрсатади

Ушбу пунктларни жиҳозлаш шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилади.

Тошкентда ўрнатиладиган тиббий контейнерлар бирламчи ёрдам кўрсатади
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Тошкент шаҳрида ўрнатиладиган тиббий контейнерлар аҳолига стасионар эмас, балки тезкор бирламчи тиббий хизмат кўрсатади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмоновнинг қарорига кўра, пойтахтдаги 40 та маҳаллага ўрнатилган контейнерларда тиббиёт пунктлари ташкил этилиши белгиланган.

Бу муассасалар барча зарур дори-дармонлар, керакли тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва 18 турдаги тиббий асбоб-ускуна ҳамда жиҳозлар билан таъминланади. Эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача ишловчи икки койкали «кичик шифохона»да умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига мобил тиббий хизмат кўрсатади.

Фуқароларнинг эса оддий кўриклар учун ўз ҳудудидаги поликлиникага қатнашига зарурат қолдирмайди. Чунки улар пойтахтнинг аҳоли гавжум бўлган кўп қаватли уйлари ёнига ўрнатилади.

Ушбу пунктларни жиҳозлаш, уларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилади. Шунингдек, бу кичик муассасаларга электр энергия ва сув тармоқлари тортилиб, иссиқ ҳамда совуқ кунларда ҳаво мўътадиллигини таъминловчи мосламалар ўрнатилади.

Бу тиббий пунктлар беморларнинг стасионар даволанишига эмас, балки уларга бирламчи тезкор хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган. Ажратилаётган маблағлар эса кичик «поликлиника»да ҳам худди оилавий поликлиникалардаги шароитларни ҳозирлаш учун сарфланади.

Машҳур янгиликлар