8 May 2024, 08:31 Ўзбекистон

Тошкентда 8 май куни ҳарбийлар пиёда юриши ўтказилади

Тадбир Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча уруш ва фронт орти меҳнат фахрийларига, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган.

Тошкентда 8 май куни ҳарбийлар пиёда юриши ўтказилади

8 май куни Тошкент шаҳрининг асосий кўчаларида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий бўлинмаларининг намойишкорона пиёда юриши ташкил этилади. Қайд қилинишича, тадбир Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча уруш ва фронт орти меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, юрт ҳимоячиларининг Ватанга садоқатини намойиш этиш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшларда фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш мақсадида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилмоқда.

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси (Сағбон ва Зарқайнар кўчалари орқали) – Ўзбекистон давлат табиат музейи – «Чорсу» бозори – Тошкент цирки (Зарқайнар кўчаси) – «Халқлар дўстлиги» санъат саройи (Ўзбекситон шоҳ кўчаси ва Фурқат кўчаси) – «Мэжик Сити» майдони (Фурқат кўчаси) йўналиши бўйлаб ҳаракатланган ҳарбий бўлинмаларнинг «Мэжик Сити» майдонидаги тўхташ нуқтасида Фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқиши, бўлинмаларнинг жанговар чақириғи, ҳарбий оркестрнинг дефиле намойишлари ижро этилади. Тадбир 8 май куни соат 14:00 да «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида бошланади.

Машҳур янгиликлар