Тошкент вилоятида ИИБ биносига олиб кетилган эркак вафот этди
Шифохонага олиб борилганда унинг вафот этгани аниқланган. ИИВ бунинг фавқулодда ҳолат сифатида кўрилиши ва ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан ўрганилишини билдирди.
19 июнь куни Тошкент вилояти Бекобод туманида суд залида жанжал кўтарган фуқаро ИИБ биносига олиб боригандан сўнг ҳушидан кетди. Вилоят ички ишлар бош бошқармаси хабарига кўра, у шифохонага етказилганда вафот этгани маълум бўлган.
Келтирилишича, 43 ва 46 ёшли ака-укалар қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган 33 ёшли укасининг суд мажлисига борган. Улар укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, залда жанжал кўтарган ва жамоат тартибини бузган.
Бошқарма хабарига кўра, шу вақтда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган.
Чақирувга асосан 3 нафар ИИБ профилактика инспектори етиб келган ва жанжал бартараф қилинган. Ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.
ИИБ биносига кириш йўлагида 43 ёшли эркак соғлиғи ёмонлашиб, ҳушини йўқотган. Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борган. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида у вафот этгани аниқланган, дейилади хабарда.
Фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суруштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиёсовнинг хабар беришича, ҳозирда воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олинган. Гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларнинг кўрсатмалари текширилмоқда, тегишли судга оид экспертизалар тайинланган.
«Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъи назар, фавқулодда ҳолат сифатида кўрилади ва воқеанинг барча иштирокчиларини, шу жумладан, ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланади», — дея изоҳ берди вазирлик вакили.
Мавзуга оид хабарлар:
Sirdaryoda sobiq ayolini do‘pposlab, sochini qirib tashlagan erkakka hukm o‘qildi 2024-yilda qancha fuqaro tuhmat va haqorat qilgani uchun sudlangani ochiqlandi Farg‘onada voyaga yetmagan qiz o‘limiga sababchi bo‘lgan haydovchi qamaldi Surxondaryoda 19 kishini chuv tushirgan firibgar qamaldi Toshkent viloyatida taksichiga pichoq bilan hujum qilgan ikki talaba qamaldi