9 Aprel 2024, 17:45 Ўзбекистон

Нукусда 65 минг доллар эвазига ДХХга ишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Нукусда 65 минг доллар эвазига ДХХга ишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган К.Ж. алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, танишлари орқали уни давлат хавфсизлик хизмати органларига ишга киритиб қўйиш эвазига 11 минг доллар талаб қилади.

Аммо у сўралган пул маблағини Нукус шаҳрида олган вақтида давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, мазкур шахс муқаддам 4 нафар фуқарони ДХХ идораларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан улардан жами 65 минг доллар олгани ҳам аниқланди.

К.Ж. муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан 5 маротаба судланган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Машҳур янгиликлар