24 Aprel 2024, 11:40 Ўзбекистон

Навоий ва Татаристон минерал-хомашё ресурсларини қайта ишлашда ҳамкорлик қилади

Татаристон раиси Рустам Миннихонов Навоий вилоятига ташриф билан келди. Томонлар ўртасидаги музокараларда қатор соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Навоий ва Татаристон минерал-хомашё ресурсларини қайта ишлашда ҳамкорлик қилади

Татаристон раиси Рустам Миннихонов Навоий вилоятига келди. Уни Навоий темирйўл вокзалида Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов кутиб олди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда икки томонлама манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини, хусусан, саноат кооперацияси, минерал-хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, туризм, вилоятдаги ва Татаристондаги олий таълим муассасалари ўртасида кончилик ва металлургия, қишлоқ ва сув хўжалиги, қайта тикланувчи энергия манбалари, олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Делегация аъзолари Навоий эркин иқтисодий зонасида ҳам бўлишиб, «Навоий саноатни ривожлантириш комплекси» саноат парки тақдимоти билан танишган. Мазкур саноат парки Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик намунаси ҳисобланади. У Навоий вилояти ва «Мастер» Кама саноат парки ўртасидаги келишувга асосан бунёд этилмоқда.

Паркни бунёд этишда Қайта қуриш ва ривожлантириш фонди томонидан 40 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратилган. Биринчи босқичда умумий қиймати 178 млн доллар бўлган 6 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Машҳур янгиликлар