2 Aprel 2024, 09:23 Ўзбекистон

Давлат органлари, судлар ва маҳаллаларни сақлаш харажатлари 24,5 фоизга ошди

2023 йил якунига кўра, давлат органлари, адлия, прокуратура ва судлар, шунингдек, маҳаллаларни сақлаш ва ННТларни қўллаб-қувватлаш харажатлари 24,5 фоизга ошиб, 17 триллион сўмни ташкил этди. 2024−2025 йилларда ҳам уларни сақлаш харажатларини ошириш режалаштирилган.

Давлат органлари, судлар ва маҳаллаларни сақлаш харажатлари 24,5 фоизга ошди

Ўзбекистонда 2023 йилда давлат органлари, адлия, прокуратура ва судлар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини (маҳаллаларни) сақлаш ва нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатлари қарийб 25 фоизга ошди. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларида акс этган.

2021 йилда ушбу мақсадлар учун 10,46 триллион сўм йўналтирилган эди: давлат органлари, адлия ва прокуратура органларини сақлашга — 8,48 триллион сўм, адлия органларини сақлашга — 849,8 миллиард сўм, маҳаллалар ва ННТларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга — 1,13 триллион сўм.

2022 йилда ушбу харажатлар 30,5 фоизга ошиб, 13,65 триллион сўмни ташкил этган: давлат органлари, адлия ва прокуратура органлари — 11,47 триллион сўм (+35,2 фоиз), суд органлари — 1,12 триллион сўм (+31,5 фоиз), маҳаллалар ва ННТлар — 1,07 трлн сўм (-5,6 фоиз).

2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонда маъмурий ислоҳот эълон қилинган. Ўшанда Шавкат Мирзиёев «қўлда бошқариш»дан ихчам ва самарали бошқарув тизимига ўтиш вақти келганини айтганди. Маъмурий ислоҳот тўғрисидаги фармон ва қарорда ҳукуматга ҳисобдор бўлган мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари сонини 61 тадан 28 тага қисқартириш, шунингдек, «адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизими» жорий этилган ҳолда ижро ҳокимияти органлари ходимлари, шу жумладан, бошқарув аппарати ходимларини кўпи билан 30 фоизга қисқартириш кўзда тутилганди.

Штат бирликларини оптималлаштириш натижасида ажратилган маблағларни ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш режалаштирилган эди. Молия вазирининг собиқ ўринбосари Одилбек Исаков давлат идораларини қисқартириш ва уларнинг харажатларини оптималлаштириш орқали давлат бюджетининг 2,8 триллион сўми тежалишини таъкидлаганди. 2023 йилга мўлжалланган «Фуқаролар учун бюджет»да (ҳар йилнинг бошида эълон қилинади) ушбу мақсадлар учун 15,24 триллион сўм ажратилган: давлат органлари, прокуратура, адлия ва судлар учун 13,79 триллион сўм, маҳаллалар ва ННТлар учун 1,45 триллион сўм. Маъмурий ислоҳот ҳисобига бу харажатлар 12,44 триллион сўмгача камайиши керак эди.

Машҳур янгиликлар