18 Yanvar 2024, 23:34 Лайфстайл

Озодбек Назарбеков маданият соҳасини рақамлаштиришнинг аҳамияти ҳақида гапирди

«Истеъдодларни турли қинғирликлар қурбони бўлишларидан асраб-авайлашимиз керак. Бу жараёнда эса рақамлаштиришнинг ўрни жуда муҳим», — дейди вазир.

Озодбек Назарбеков маданият соҳасини рақамлаштиришнинг аҳамияти ҳақида гапирди

Маданият соҳаси рақамлаштирилади, онлайн давлат хизматлари сони кўпаяди. Бу ҳақда Маданият вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтилди.

Вазир Озодбек Назарбеков соҳани рақамлаштириш орқали коррупциявий омилларнинг олдини олиш, тизимга доир маълумотларни прогнозлаштириш, олинган маълумотлар келгусидаги режаларни тўғри шакллантириш имконини беришини алоҳида таъкидлади.

«Агар бу тизим ишга тушса, қаерда ғижжакчи кўпайиб кетяпти, қаерда дуторчиларни тайёрлаш оқсаяпти, барчасини беш қўлдай билишимиз ва ушбу маълумотлар асосида давлат квоталари миқдорини шакллантиришимиз мумкин бўлади. Қолаверса, соҳадаги вазиятни олдиндан кўра билиш, шунга қараб келгусидаги режаларимизни прогнозлаштириш имконияти пайдо бўлади», — дея таъкидлади Озодбек Назарбеков.

Қайд этилишича, янги тизим тўлиқ ишга тушгандан сўнг республикадаги барча мусиқа ва санъат мактаблари, вазирлик тизимидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқувчи ҳамда талабалар, педагогларнинг таркиби, уларнинг эришган натижалари, қайси ҳудудда санъатнинг қайси тури ривожланаётганию, қайси тури оқсаётганига доир барча маълумотлардан фойдаланиш мумкин бўлади.

«Бу тизим республикамиздаги ёш истеъдодларни кузатиб бориш, муносиб рағбатлантириш, таниш-билишчилик ва бошқа омиллар туфайли улар ярим йўлда ривожланмай қолиб кетмаслиги, келгусида санъат ва маданият йўналишидаги ўрта махсус ёки олий таълим муассасаларига фақат муносиб номзодлар қабул қилинишига эришиш учун ҳам муҳим.

Истеъдодларни турли қинғирликлар қурбони бўлишларидан асраб-авайлашимиз керак. Бу жараёнда эса рақамлаштиришнинг ўрни жуда муҳим. Келгусида янги тизим ишга тушгач, ҳудудларга бориб мутасаддиларга энг истеъдодли ёшларни кўрсатинг, дейишимизга ҳожат қолмайди, қўлимизда бу маълумот бўлади. Масъуллар ҳам ўзиникини бизга энг яхшилар сифатида тақдим эта олмайди», — дейди маданият вазири.

Машҳур янгиликлар