4 Yanvar 2024, 20:31 Лайфстайл

Отабек Мирзахолов ижодий режалари ва илк марта шахсий ҳаёти ҳақида гапирди

«Мен рус тилини унчалик яхши билмайман, аёлим эса ҳатто салом дейишни ҳам билмайди. Аммо ўғлим Жаҳонгирни рус синфида ўқитамиз», — дейди Отабек Мирзахолов.

Отабек Мирзахолов ижодий режалари ва илк марта шахсий ҳаёти ҳақида гапирди

«Браво» жамоаси аъзоси Отабек Мирзахолов YouTubeʼдаги «NmaGap» лойиҳасига берган интервьюсида тижорат фильмларидан катта даромад олиниши ва шахсий ҳаёти ҳақида гапирди.

— Жаҳонгир Позилжонов «Бойвачча» фильмидан кейин ҳақиқатан ҳам бойиб кетган. Ўшанда киносарой кассасидан 550 минг АҚШ долларидан ортиқ фойда қилган. Қизиғи, фильм учун 10 минг АҚШ долларига яқин харажат қилинган. У пайтлари ҳақиқатан ҳам ижод қилинарди. Жаҳонгир Позилжонов ўзи ёзиб, режиссорлик қилиб, асосий ролни ҳам ўзи ўйнарди. Оператор Ёдгор Носиров билан гаплашиб, шунчаки дўстларнинг ёрдами билан фильмларни суратга олардик.

Ижодга унақа кўп маблағ сарфламасдик, аммо меҳр бериб ижод қилардик. «Клёш» деган қўшиқ ва унинг клипини кўпчилик билади. Ўша клипни суратга олиш учун бор-йўғи 110 АҚШ доллари сарфлаганмиз. Жаҳонгир Позилжоновнинг дўстлари, шогирдлари кўп эди. «Сен буни, сен уни қил», дейиш билан кўп ишлар ҳал бўлиб кетарди. Монтаж ҳам қилишни билардик, ўрни келса дубляжни ҳам қилиб кетаверардик.

«Кино қаерга қараб кетаяпти», дейишарди. Мана ҳозир ўша кинонинг ўзи ҳам йўқ. Тан оламан, хатолар бўлган, аммо ҳеч ким билағон бўлиб туғилмайди. Тажриба йиллар давомида шаклланади. Бундан ташқари, илгари молиявий аҳволим сабаб, ижоддан фойда кўришни ўйлардим. «Қанча пул бераркин, яхши даромад олса бўлармикан», деб ўйлардим. Чунки уй-жой қилиш керак, машина олиш керак эди. «Замонавий энагалар» деган фильмнинг сценарийсини уч кунда ёзиб тугатганман. Ҳозир эса пулни ўйламайман, чунки оиламнинг молиявий аҳволи яхши. Ҳозир ҳам кино олишни ўйлаяпман, фақат шошмасдан сценарий ёзаман ва хотиржам тасвирга оламан, — дейди Отабек Мирзахолов.

«Браво» кулги жамоаси аъзоси илк марта оиласи ва фарзандлари ҳақида гапирди.

— 2011 йили уйланганман, аёлим уй бекаси. Уйда ҳам фақат ётоқхона билан ошхонани билади холос. Чунки олтита боладан ортиб, ҳатто меҳмонхонага киришга ҳам вақти бўлмайди. Иккита ўғил ва тўрт нафар қизим бор. Аёлимга яна фарзанд кўрайлик деяпман. Мен рус тилини унчалик яхши билмайман, аёлим эса ҳатто салом дейишни ҳам билмайди. Аммо ўғлим Жаҳонгирни рус синфида ўқитамиз. У биздан кўра анча яхши билади. Болаларим ўқишини, илмли инсон бўлишини истайман, — дейди Отабек Мирзахолов.

Машҳур янгиликлар