20 Fevral 2024, 23:33 Иқтисод

Ўзбекистон Россиядан газ импортини ошириш учун 500 млн доллар ажратмоқчи

2024–2030 йилларда бажарилиши назарда тутилган биринчи босқичда табиий газ қабул қилишни кунига 32 млн куб метрга етказиш кўзда тутилган

Ўзбекистон Россиядан газ импортини ошириш учун 500 млн доллар ажратмоқчи

Ўзбекистон ҳукумати Россиядан газ импорт қилиш тизимини модернизация қилиш учун 500 млн доллар ажратишни режалаштирмоқда. Мақсад – кунлик табиий газ қабул қилиш ҳажмини 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача ошириш.

«Ўзтрансгаз» шимолдан импорт қилинадиган табиий газни қабул қилиш ҳажмини ошириш бўйича магистраль газ тизимини модернизация қилиш дастурини амалга оширади. Бу – ҳукуматнинг «2024 йил I чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Қайд этилишича, 2024–2030 йилларда бажарилиши назарда тутилган биринчи босқичда табиий газ қабул қилишни кунига 32 млн куб метрга етказиш кўзда тутилган. Лойиҳани хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, республика магистраль газ узатиш тизимини модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш дастурини амалга ошириш дастури (2021-2024 йиллар) ҳам давом эттирилади. Умумий қиймати 483 млн доллар бўлган лойиҳа 511 км магистраль газ қувурлари ва 10 та газ насос агрегатини модернизация қилишни кўзда тутади.

Машҳур янгиликлар