23 Aprel 2024, 15:26 Oʻzbekiston

Самарқандда аёл ўз қарамоғидаги 13 ёшли қизни калтаклаб келгани айтилмоқда

Пайариқ туманида яшовчи қизнинг онаси хорижга кетган, қиз эса 150 доллар эвазига бошқа бир оиланинг қарамоғига берилган, лекин бу оилада зўравонликка учрамоқда.

Самарқандда аёл ўз қарамоғидаги 13 ёшли қизни калтаклаб келгани айтилмоқда

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 13 ёшли қизга нисбатан зўравонлик бўлаётгани ҳақида хабар берилди.

Мурожаатчининг айтишича, қиз 78-мактабнинг 7-синфида ўқийди. «Онаси Арабистонига кетгани сабабли» ўқувчи 150 доллар эвазига бир оила қарамоғига берилган.

«Қарамоғига олган оила — 78-мактаб директорининг укаси. Мен шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Бу қизчани қарамоғига олган оила, яъни Машҳура исмли шахс ҳар куни уни хўрлайди.

Мен расмга олганим учун директор мендан ҳеч қаерга мурожаат қилмаслигимни, расмларни ўчириб ташлашимни талаб қилди», — дейилади таҳририятга келиб тушган хатда.

Мурожаатчи юборган суратларда қизнинг қўллари кўкариб кетганини кўриш мумкин. Унинг оила аъзолари нима сабабдан хорижга кетгани ва бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

Mashhur yangiliklar