Жамланма: Ортиқхўжаевнинг Тошкент ҳокими лавозимидаги энг машҳур иборалари
NOVA24.uz пойтахтнинг собиқ ҳокими томонидан айтилган ва ижтимоий тармоқларда трендга айланган жумлаларни бир мақолага тўплади.
Шавкат Мирзиёев раислигида 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинганди. Кейинчалик у ва оиласи Тошкент аэропортидан қайтарилгани ҳақида хабар берилди.
«NOVA24» нашри пойтахтни иссиқлик билан таъминлашда «ноинсофлиги ва бепарволиги» учун президент томонидан ишдан бўшатилган Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг энг машҳур ва оммабоп ибораларини тўплади.
«Чиройли қилишимга вақт беринг»
Тошкент марказида космонавт Владимир Жанибековга қўйилган ҳайкал атрофидаги гранит ва мармар плиталарнинг қўққисдан демонтаж қилиниши ортидан юзага келган жамоатчилик эътирозидан сўнг 2022 йил 16 февраль куни воқеа жойига пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев етиб келганди.
«Ўзи буни биз қилишимиз керак эмас. Маданий мероснинг ўзи қилиши керак. Ҳокимиятнинг иши эмас аслида. Энди шуни тартибга солиб қўяйлик, деб тартибга соляпмиз. Агар нотўғри иш қилаётган бўлсак, айтинглар. Давлатнинг пули кетаётгани йўқ. Ҳомийлик асосида қилиняпти. Қурувчилар қилиб беряпти. Давлатнинг харажати бўлаётгани йўқ. Агар бу хато иш бўлаётган бўлса, айтинглар. Асл мақсад хатоликдами ёки мендан айб топишми?» — деган ҳоким.
«Ёшлар, илтимос, нақд пул билан муомала қилинглар»
«Humo Arena»да 2022 йил июнь куни бўлиб ўтган Megatrening—2022 бизнес форумида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшларга маслаҳат берган.
«Пул санаётганингларда чиқиш қийин бўлади. Бирор-бир нарсани харид қилаётганингларда савдолашасизлар. Пластик карточкани ичига қанча пул солсангиз, шунча кетаверади. Пластик карточка кучли олимларнинг ўйлаб топган ихтироси. Ёшларга пластик карточкани тавсия қилмайман», — деганди тадбиркор.
«Икки кун туриб беришимиз керак»
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев масъул раҳбарларга мурожаатида улардан «икки кун туриб бериш»ни сўради, йўқса «ҳамма бир тийинга ярамас ҳокимлар» бўлиб қолишини айтганди.
«Газ кескин тушади. Нафақат Тошкентда, балки ҳудудларда ҳам тушиши кутиляпти. Шу сабабли ҳамма газ заправкаларни ўчирамиз, фақат 4 таси қолади, коммунал хизматлар учун. Шаҳар транспорти газдан соляркага ўтади, кескин қисқартиришимиз керак бўлади. Бутун фабрика ва заводлар, эгаси ким бўлишидан, қандай одам бўлишидан қатъи назар электрдан ҳам, газдан ҳам узишга мажбурмиз», — деган шаҳар ҳокими.
«Давлатнинг бир сўмига хиёнат қилмадим, чарчадим»
Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2022 йил 16 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманига кириб келиб, ҳокимлик лавозимини эгаллаб келаётганидан буён 35 машинасидан 6 та қолгани, ҳаммасини сотиб, Тошкентга тиккани, ўзи эса давлатнинг бир сўмига ҳам хиёнат қилмаганини айтди.
«Бир сўм пул билан шаҳарга хиёнат қилган бўлсам, фарзандларимнинг хунига қолай. Олдимдан қўшган бўлсам, қўшдим. Топганимни берган бўлсам, бердим. Бир сўм пул олмадим.
Мен шаҳар ҳокими бўлишимдан олдин 35 та машинам бор эди. Мен машиналарни жуда яхши кўраман. Ҳозир 6 та машинам қолди. Яқинда яна бир машинамни аукционга қўяман ва унинг сотилган пули билан юрагида нуқсони бўлган болаларни операция қилишга ёрдам бераман. Агар булар гуноҳ бўлса, мен розиман», — деб таъкидлаганди у.
«Шесть секунд»
2019 йил 16 ноябрь куни интернетда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдид қилгани аудиоси тарқалганди. Унда собиқ ҳоким шундай деганди:
«Бир ҳафта олдин мани заводимда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни …дан олиб …га солади. Монопол, «Артель» дабдала, деб! Бир ҳафтадан кейин ўн минг доллар берсанг, ўша маҳсулотни мақтаб чиқадида, реклама асосида дейди!
Шундай қилишим мумкинки, ҳаттоки қўшниларинг кўришганда уялиб қолиши мумкин. Мен буни қилишим мумкин. Нима, менга сизларни гей деб эълон қилиш қийинми? Бу жуда осон. Сўз эркинлиги! Мен олти сония ичида сизларни ичида гей ўтирган таксига ўтқазаман, бўлди! Сизларни фотосуратга олишади ва гей деб эълон қилишади».
«Любая бизнес хороша»
Тошкент ҳокими «Альтер Эго» лойиҳасига берган интервьюсида бизнес ҳақида гапирар экан, сабр-тоқат касбийлик бахш этишини таъкидлаганди.
«Ҳар қандай бизнес яхши, Бу иш ёмон, дея олмайман. Бизнес билан шуғулланиш яхши», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
«Агар дух бўлмаса, бизнес билан шуғулланишнинг ҳожати йўқ»
Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Альтер Эго» лойиҳасига берган интервьюсида кимга бизнес қилиш кераклиги ҳақида ҳам гапирган.
«Бизнес тили билан айтганда, 10 фоиз савдо, 90 фоиз руҳ. Инсон бешта тилни билса, бешта институтни битирган бўлади, аммо духи бўлмаса, тадбиркорлик билан шуғулланмасин. Нега унинг миллиони йўқ, нега миллиарди йўқ? Чунки унинг духи йўқ»