27 May 2024, 09:23 Oʻzbekiston

Ўзбекистонда иссиқхоналарга газ етказиб бериш бўйича янги талаб жорий этилиши мумкин

2024 йил 1 октябрдан бошлаб табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланувчи иссиқхона хўжаликлари ва саноат корхоналарининг экология экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаган тақдирда уларга табиий газ етказиб берилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистонда иссиқхоналарга газ етказиб бериш бўйича янги талаб жорий этилиши мумкин

«Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхоналар ва саноат корхоналари томонидан атмосферага чиқарилаётган тутун ва заҳарли газларни кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланувчи иссиқхона хўжаликлари ва саноат корхоналарининг экология экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаган тақдирда уларга табиий газ етказиб берилишига йўл қўйилмайди.

Кўмир, мазут ва пеллет ёқилғисида фаолият олиб борувчи иссиқхона хўжаликлари ва саноат корхоналари, шу жумладан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводларининг янги ишлаб чиқариш қувватларидаги атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи устувор манбаларида самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан кам бўлмаган, амалдаги ишлаб чиқариш қувватларидаги ифлослантирувчи устувор манбаларида самарадорлик даражаси 95,0 фоиздан кам бўлмаган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатмаган тақдирда уларнинг фаолияти ушбу талаб бажарилгунга қадар тўхтатилади.

Табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланганда ёки газ ҳисоблагичлардан табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига истеъмолчининг айби билан онлайн равишда маълумотлар узатилишини тўхтатиш ҳолатлари аниқланганда, ушбу истеъмолчилар билан табиий газ етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар бекор қилинади ва бир йил муддатда шартномаларни қайта тиклаш тақиқланади.

Mashhur yangiliklar