Навоийда 94 ёшли фуқарога метрика берилди
Нурота туманининг Қизилча қишлоғида яшовчи 1930 йилда туғилган Анора момо Мусурмоновага илк бор туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилди. Шу пайтгача унинг метрикаси ва қатор ҳужжатлари бўлмаган.
Навоийда 94 ёшли Анора Мусурмоновага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилди. Бу ҳақда вилоят адлия бошқармаси матбуот хизмати мутахассиси Нодира Самандарова маълум қилди.
Навоий вилояти адлия бошқармаси томонидан Нурота туманининг Қизилча қишлоғида «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» акцияси ўтказилган. Жараёнда 94 ёшли Анора Мусурмонова туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга эмаслиги аниқланган ҳамда унга илк бор мазкур ҳужжат расмийлаштирилиб топширилган.
Анора момо 1930 йил туманнинг Модовод қишлоғида туғилиб, оиладаги тўққиз фарзанднинг учинчиси бўлган. У 1949 йили Юзбой Нурбоев билан турмуш қуриб, ўн нафар фарзандни дунёга келтирган. Бугунги кунда момонинг 44 невараси, 89 чевараси ва 6 нафар эвараси бор.
Нодира Самандаровага кўра, адлия идоралари ўтказган акция доирасида вилоят бўйича туғилганлик, ўлим, никоҳ ва никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномалар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш каби ҳолатлар билан боғлиқ минглаб ҳужжат расмийлаштирилган. Акция доирасида вилоятда 3 380 та сайёр давлат хизматлари натижасида 2 796 та ҳужжат расмийлаштирилиб эгаларига топширилган.
Мавзуга оид хабарлар:
Навоийда мактаб ўқувчиси бошқарган Matiz ЙТҲга учради Навоий вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди Навоий вилояти ҳокимига янги биринчи ўринбосар тайинланди Навоий вилояти ФВБга янги бошлиқ тайинланди