Ўзбекистонда олтин қуймалар нархи яна ошди
Ўлчовли олтин қуймалар ҳафтани янги нарх рекорди билан бошлади – 1 граммли олтин қуймалар 1 млн 38 минг сўмни ташкил қилмоқда. Нарх бир ҳафтада 2,7 фоизга ўсди.
20 май куни Марказий банк ўлчовли олтин қуймалар ва эсдалик тангалар нархларини янгилади. Олтин қуймалар янги рекордга етиб, 1 граммли қуймалар нархи 1 млн 38 минг сўмни, мос равишда 5 граммли олтин 5 млн 158 минг сўмни ташкил этди.
Ўтган ҳафтага нисбатан олтин нархи 2,7 фоизга ўсди. Жума куни олтиннинг бир грамми нархи 1 008 040 сўмни ташкил қилаётганди. Бу бир кун олдинги нархдан 1,8 фоиз юқори дегани.
Қимматбаҳо металлнинг бир грамми бундан салкам бир ой аввал – 17 апрелда 1 миллион сўмдан ошиб кетганди. Ўзбекистонда йил бошидан буён олтин нархи 18,9 фоизга ошди.
Ўзбекистонда олтин нархларининг ошиши глобал нархлар ўсиши билан изоҳланмоқда. Жаҳонда олтин нархи узоқ муддатли рекордларни янгилашда давом этяпти. Айни пайтда олтиннинг бир троя унцияси 2443 долларга баҳоланмоқда, бу бир грамм учун 78,6 долларга тўғри келади.