Май ойида ҳам Ўзбекистон олтин-валюта захиралари кўпайди
Захирадаги олтиннинг физик ҳажми 3,1 тоннага камайди. Захиралар таркибида биринчи марта 35 млн долларлик қимматли қоғозлар пайдо бўлди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 1 июнь ҳолатига Ўзбекистоннинг расмий захира активлари май ойида 1 млрд 526 млн долларга ошган ҳолда 36 млрд 634 млн 300 минг долларни ташкил этди.
Регулятор ўтган ойда валюта захиралари 1 млрд 244 млн 900 минг долларга кўпайиб, 9 млрд 266,6 млн долларни ташкил этганини билдирди. Йил бошидан ҳисоблаганда, валюта захиралари 102,9 млн долларга камайди.
Шунингдек, май ойида илк бор захиралар таркибида қимматли қоғозлар пайдо бўлди (35 млн долларлик). Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки томонидан илк бор захираларни диверсификация қилиш мақсадида хорижий давлат қимматли қоғозларига бирламчи инвестиция киритилиб, тегишли портфеллар шакллантирилгани хабар қилинганди. Мазкур амалиёт Жаҳон банки миссиясининг ташрифи доирасида юз берди.
Марказий банкдаги олтин захиралари қиймати май ойи давомида 278,8 млн долларга ошиб, 26 млрд 812,4 млн долларни ташкил этди. Захирадаги олтиннинг физик ҳажми 0,1 млн трой унцияга (3,1 тонна), яъни 11,4 млн трой унциягача (354,58 тонна) камайди. 1 майдан 20 майгача олтин котировкалари бир унция учун 2324 доллардан 2426 долларгача (+4,3 фоиз) кўтарилди ва тарихий энг юқори даражага чиқди. Ойнинг сўнгги ўнкунлигида эса нархларда пасайиш кузатилди (2329 долларгача).