Тошкентдан Хоразмга «антисептик» сифатида жўнатилаётган этил спирти тўхтатиб қолинди
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Тошкент–Хоразм автотураргоҳида «антисептик» ниқоби остида Хоразм вилоятига жўнатилаётган этил спирти тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Чилонзор туманидаги Тошкент–Хоразм автотураргоҳида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбирда фуқаро А.А. бошқарувидаги Isuzu кўздан кечирилганда Фарғона вилоятида яшовчи Б.Т. умумий баҳоси 157,5 миллион сўм бўлган 900 дона 5 литрли елим идишларга қадоқланган 4,5 тонна этил спиртининг устига қалбаки «Антисептик» ёзувли этикеткаларни елимлаб, Хоразм вилоятида ўтказиш мақсадида жўнатгани аниқланган ва ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга оид хабарлар:
Toshkentda 100 ming dona etil spirtini sotishga uringanlar ushlandi