25 Aprel 2024, 13:53 Iqtisod

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк асосий сценарий бўйича 2024 йилдаги умумий инфляция прогнозини 9-11 фоизгача оширди. Бу тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиши ва апрел ойидан бир қатор товар ва хизматларга ҚҚС жорий этилиши билан изоҳланган.

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқаруви 2024 йил 25 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларга фундаментал монетар омиллар таъсири босқичма-босқич камайиб бормоқда. Шу билан бирга, жорий йил 1 майдан айрим тартибга солинадиган тарифларнинг эркинлаштирилиши, умумий инфляцияга бир марталик таъсир кўрсатиши мумкин.

Марказий банк бошқаруви, инфляциянинг янгиланган прогноз коридорининг юқори чегараларига нисбатан ҳам жорий пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий фазада шаклланганлигини инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Умумий инфляция йил бошидан пасайишда давом этиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил этди. Бунда, озиқ-овқат товарлари инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилган. Ташқи озиқ-овқат бозорларидаги нархлар динамикаси импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатган.

«Иқтисодиётда юқори талабнинг сақланиб қолаётгани ҳамда айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг оширилиши шароитида хизматлар инфляцияси сўнгги ойлар давомида барқарор ўсиб бормоқда. Базавий инфляция сезиларли секинлашиб, март ойида йиллик 7,6 фоиз ва йил бошидан умумий инфляция даражасидан пастроқ шаклланди», — дейилади регулятор изоҳида.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари инфляциянинг жорий ва прогноз даражасидан юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, тартибга солинадиган нархларнинг тўғриланиши ва апрел ойидан бир қатор товар ва хизматларга ҚҚС жорий этилиши таъсирида инфляцион кутилмалар динамикаси юқорилаши мумкин.

Mashhur yangiliklar