Ўзбекистон ва Хитой хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Хитой жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун Тошкентда президент ва ички ишлар вазири билан музокаралар ўтказди. Учрашувда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кадрлар тайёрлаш, замонавий технологиялар жорий этиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни Хитой давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда хавфсизликка нисбатан замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятларни қайд этди.
Устувор йўналишлар сифатида жамоат хавфсизлигининг асосий йўналишлари бўйича тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва бошқалар кўрсатиб ўтилди.
Томонлар минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Шу куни Ван Сяохун ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Вазирлар терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш масалаларини гаплашди.
Мавзуга оид хабарлар:
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида янги йўналишда авиақатнов очилди Лифтлар хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент эълон қилинди Ўзбекистон ва Хитой ёшлари ўртасида сайёҳлик алмашинуви йўлга қўйилади Пекинда Ўзбекистон-Хитой хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди Қашқадарёдан Хитойга апрель ойида мош ва нўхат экспорт қилинади