5 Mart 2024, 17:20 Sport

Тошкентда бокс бўйича Баҳодир Жалолов мактаби очилди

Бу маскан Юнусобод туманидаги 259-умумтаълим мактаби билан ёнма-ён жойлашган. Ёш боксчилар умумтаълим фанларини шу ерда ўқишади.

Тошкентда бокс бўйича Баҳодир Жалолов мактаби очилди

Президент Шавкат Мирзиёев 5 март куни Тошкент шаҳрида барпо этилган Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини бориб кўрди.

«Олимпиада ва Осиё ўйинлари ғолиби, икки карра жаҳон ва уч карра Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов Ўзбекистон спортининг байроқдори ҳисобланади. У кейинги йилларда профессионал боксда ҳам муваффақиятли қатнашиб келмоқда.

Юртимизда бундай чемпионлар фаолиятини тарғиб қилиш, уларнинг намунасида ёш спортчиларни тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 мартдаги қарорига мувофиқ, шундай яна бир маскан – Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ташкил этилди.

Бу ерда халқаро даражадаги боксчиларни тайёрлаш, бунинг учун юқори малакали мураббий ва мутахассисларни жалб этиш, ўқув-машғулотларни халқаро стандартлар даражасида ташкил қилиш ҳамда илғор тажрибалар асосида унинг сифатини ошириб бориш йўлга қўйилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Mashhur yangiliklar