8 Fevral 2024, 10:52 Sport

Футбол бўйича Осиё кубоги: Қатар ва Иордания финалда

Қатар терма жамоаси Эронни мағлубиятга учратиб, Осиё кубоги финали йўлланмасини қўлга киритди. Энди улар чемпионлик учун Иордания билан баҳслашади.

Футбол бўйича Осиё кубоги: Қатар ва Иордания финалда

Футбол бўйича Қатар миллий терма жамоаси 7 февраль куни Осиё кубоги ярим финали доирасида Эронни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Мусобақа мезбонлари кубок учун Иордания билан беллашади.

Қатар Тожикистон, Хитой ва Ливан билан бирга мусобақанинг A гуруҳидан жой олиб, максимал 9 очко (3 ғалаба) жамғарди. Сўнг ярим финалгача бўлган йўлда Фаластин (2:1) ва Ўзбекистон (1:1, пенальтилар сериясида 3:2) устидан ғалабага эришди.

Иордания эса E гуруҳида Баҳрайн, Жанубий Корея ва Малайзия билан беллашиб, 4 очко (1 ғалаба, 2 дуранг) йиғди. Энг яхши 4 та учинчи ўринлар қаторида плей-офф йўлланмасини қўлга киритган Иордания кутилмаганда Ироқ (3:2) ва Тожикистонни (1:0) мағлуб этди. Ярим финалда Жанубий Корея устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа ўз тарихида илк бор ушбу мусобақа финалига чиқди.

Mashhur yangiliklar