22 Iyun 2024, 09:27 Oʻzbekiston

Ўзбекистоннинг икки ҳудудида тупроқ жинсларни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатлари аниқланди

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистоннинг икки ҳудудида тупроқ жинсларни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатлари аниқланди

Когон ва Ўрта Чирчиқ туманларида тупроқ жинсларни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Прокуратура департаменти.

Унга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Когон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар Ш.Ж., Б.Ҳ., Н.К. ва бошқалар «Ўртачўл» МФЙ ҳудудидаги «К.Ж.» фермер хўжалигининг ер майдонидан жами 465,6 минг куб метр қумни ўзбошимчалик билан қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 7,4 миллиард сўм зарар етказгани аниқланган.

Шу каби департаментнинг Ўрта Чирчиқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Б.-с.» МЧЖ раҳбари Ф.В. ғишт ишлаб чиқариш фаолияти учун «Қайтмас» МФЙдан ажратиб берилган кон ҳудудидан четга чиқиб, жами 45,4 минг куб метр тупроқ жинсларни ўзбошимчалик билан қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 779,7 миллион сўм зарар етказгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Mashhur yangiliklar