11 May 2024, 17:04 Oʻzbekiston

Ўзбекистонликлар Кореяга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга юборилади

Меҳнат муносабатларига оид мавжуд муаммолар ўртага ташланиб, уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистонликлар Кореяга қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга юборилади

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабарига кўра, вазир Беҳзод Мусаев Корея адлия вазири Пак Сон Же билан учрашув ўтказди.

Сеулда бўлиб ўтган учрашувда, дастлаб икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари хусусида сўз борди. Меҳнат муносабатларига оид мавжуд муаммолар ўртага ташланиб, уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилди.

Олиб борилган музокаралар натижасида эндиликда юртдошлар Кореяда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларда меҳнат қилиши мумкин бўлади. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, агротехнологиялар бўйича ишлаб, малакасини оширади, бу орқали айни йўналишдаги билим ва кўникмаларини бойитиб, мамлакатга катта тажриба билан қайтиши мумкин.

Бундан ташқари, профессионал касб-ҳунарга эга бўлган ўғил-қизларнинг ҳам Кореяда ишлаш имкониятлари пайдо бўлмоқда. Ушбу йўналишда, яъни маълум бир касб-ҳунарга эга бўлган, қўлида дипломи бор мутахассислар кўп. Эндиликда улар ҳам ўз соҳасидан келиб чиқиб Кореяда фаолият олиб бориши йўлга қўйилади.

Агарда ўзбекистонлик ишчилар Кореянинг меҳнат қонунчилигини бузмаса, нолегал фаолиятга ўтмаса, ўз иш жойларини асоссиз ташлаб кетмаса, Корея томони ҳамюртлар учун ҳар қандай ишчи виза турини энг юқори даражада очиб беришга тайёрлигини билдирди.

Mashhur yangiliklar