Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқлим ўзгаришига мослаштирилади
Дастурда 1 млн гектар агроэкологик ландшафт ва деградацияга учраган яйловлар ҳолатини яхшилаш, ҳимоя ўрмон зоналарини яратиш ва бошқа чора-тадбирлар бор.
Шавкат Мирзиёев 10 май куни қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ерлардан самарали фойдаланиш ва соҳани илмий ривожлантиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳада унинг матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда келтирилишича, Ўзбекистондаги 3 млн гектар яйлов ва экин ерлари деградацияга учраган, 2 млн гектарга яқини турли даражада шўрланган. Хорижий экспертлар иқлим ўзгариши сабабли 2030 йилга бориб минтақада сув ресурслари қарийб 6 фоизга қисқаришини айтмоқда. Тадбирда бунинг чораларини ҳозирдан кўриш зарурлиги таъкидланди.
«Шу боис қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича 52 банддан иборат миллий дастур ишлаб чиқилди. Дастур доирасидаги чора-тадбирларга 294 млн доллардан ортиқ грант маблағлари жалб қилиш назарда тутилган», — дейилади хабарда.
Жумладан, Оролбўйида 1 млн гектардаги агроэкологик ландшафтлар ҳамда деградацияга учраган яйловлар ҳолати яхшиланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида иҳотазорлар барпо қилинади. Сув таъминоти оғир ерларда қизилмия, наъматак, кунжут, артемия етиштириш йўлга қўйилади.
Мавзуга оид хабарлар:
Кувайт Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сармоя киритмоқчи Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни жадаллаштиради