15 May 2024, 13:24 Oʻzbekiston

Ўзбекистонда «БМТ-аёллар» тузилмасининг ваколатхонаси очилади

Ўзбекистон президенти Осиё хотин-қизлари форумининг самарали якунларини юқори баҳолади.

Ўзбекистонда «БМТ-аёллар» тузилмасининг ваколатхонаси очилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг ўринбосари, «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

БМТ делегацияси шу кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлар форуми доирасида мамлакатда бўлиб турибди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гендер тенглик масалалари бўйича етакчи институти раҳбари президентга бош котиб Антониу Гутерришнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг мавқейини тубдан яхшилаш ва жамиятдаги мақомини оширишга қаратилган самарали ислоҳотларга юксак баҳо берилди. Учрашувда мамлакатнинг «БМТ-аёллар» тузилмаси билан конструктив ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Осиё хотин-қизлари форумининг самарали якунлари юқори баҳоланди. Ушбу форумни Осиё минтақасида аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий мулоқот платформасига айлантириш муҳимлиги таъкидланди. Ўзаро ҳамкорлик бўйича, шу жумладан минтақавий даражадаги аниқ лойиҳа ва дастурларни ўз ичига олган ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган дастурни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. «БМТ-аёллар» тузилмасининг мамлакатда ваколатхонасини очиш масаласи қўллаб-қувватланди.

Mashhur yangiliklar