25 Iyun 2024, 12:58 Oʻzbekiston

Ўзбекистон ва Эрон Фаластин муаммосини ҳал этиш бўйича фикр алмашди

Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим жиҳатлари, жумладан, Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Эрон Фаластин муаммосини ҳал этиш бўйича фикр алмашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва Эрон ТИВ раҳбари Теҳронда музокаралар ўтказди.

Осиё ҳамкорлик мулоқотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Теҳрон шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳром Аълоев кеча Эрон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Али Багерий билан учрашув ўтказди.

ТИВ маълумотига кўра, музокараларда турли йўналишлардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Икки давлатнинг савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорлиги, жумладан, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган ҳудудлараро транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим жиҳатлари, жумладан, Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.

Mashhur yangiliklar