6 Iyun 2024, 08:31 Oʻzbekiston

Тошкентда МИБ 200 га яқин қоидабузарлик қилган ҳайдовчининг Teslaʼсини хатлади

Қарздорнинг 2023 йил июн ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар 186 та ижро иши бўйича 116 млн сўм тўлови бўлган. Ҳозирги кунда хатланган Tesla’ни реализация қилиш чоралари кўрилмоқда.

Тошкентда МИБ 200 га яқин қоидабузарлик қилган ҳайдовчининг Teslaʼсини хатлади

Тошкент шаҳрида МИБ ходимлари жаримага бой Tesla’ни хатлади. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, МИБ Шайхонтоҳур тумани бўлими иш юритувида ИИББ ЙҲХБ қарорларига асосан қарздор Ф.Ш.дан 186 та ижро ҳужжатлари бўйича жами 116 млн сўмдан ортиқ миқдордаги маъмурий жарима ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мавжуд. Мазкур ижро ҳужжатлари МИБ иш юритувига 2023 йилнинг июн ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар келиб тушган.

Аммо шунча вақт ўтганига қарамай қарздорлик қарздор томонидан ихтиёрий равишда бартараф қилинмаган. Қарздорликлар бартараф қилинмагач, МИБ томонидан 2024 йилнинг 18 май куни қарздорга тегишли Tesla Model 3 машинасига қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида қидирувда бўлган Tesla қарздорнинг хонадонидан топилган.

Қарздор фуқарога машинани хатлаб, вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилиши билдирилганда қарздор аввал фаол қаршилик кўрсатиб, давлат ижрочисининг қонуний талабига бўйсунмаган. Бироқ кейинчалик, масъул ходимлар томонидан ҳолатнинг ҳуқуқий оқибати тушунтирилганидан сўнг қарздор томонидан Tesla ихтиёрий равишда топширилган. Ҳозирги кунда машинани реализация қилиш чоралари кўрилмоқда.

Mashhur yangiliklar