3 Iyun 2024, 17:42 Oʻzbekiston

Тошкент шаҳрида ўртача иш ҳақи 8 млн сўмдан ошгани маълум бўлди

2024 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистондаги номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 миллион сўмга етди.

Тошкент шаҳрида ўртача иш ҳақи 8 млн сўмдан ошгани маълум бўлди

Жорий йил I чорагида Ўзбекистондаги ўртача ҳисобланган номинал иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳрида — 8,1 миллион сўм қайд этилди.

2024 йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистондаги номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 миллион сўмга етди (2023 йил мос даврида 4,1 миллион сўм).

Ҳудудлар кесимида энг юқори миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилган — 8 миллион 116 минг сўм. Шу билан бирга, қолган ҳудудларга нисбатан юқори ўртача ойлик даромадлар Навоий (6,5 миллион сўм), Тошкент (4,7 миллион сўм) ҳамда Андижон вилоятларида (4,4 миллион сўм) кузатилган. Энг кам ўртача ойлик иш ҳақи эса Сурхондарё вилоятида — 3,5 миллион сўм.

Биринчи чоракда иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келган — 13,2 миллион сўм.

Таълим (3,4 миллион сўм), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3,2 миллион сўм) соҳалари ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича доимгидек бошқа соҳаларга нисбатан энг қуйи поғоналарда қайд этилган. Мазкур соҳалардаги ўртача иш ҳақи республикадаги умумий ўртача ойлик иш ҳақидан сезиларли даражада камлигича қолмоқда.

Mashhur yangiliklar