6 Iyun 2024, 15:38 Oʻzbekiston

ТИВ: Таиланд виза режими узайтирилиши бўйича расман ҳеч қандай маълумот эълон қилгани йўқ

Таиланд ОАВ 1 июндан 36 та давлат учун визасиз режим жорий қилиниши ҳақида ёзганди. Ўзбекистон ТИВ бу бўйича ҳали расман маълумот берилмаганини маълум қилди.

ТИВ: Таиланд виза режими узайтирилиши бўйича расман ҳеч қандай маълумот эълон қилгани йўқ

Таиланд 1 июндан Ўзбекистон учун визасиз режим жорий қилаётгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу бўйича Таиланд томони ҳозирча расман ҳеч қандай маълумот эълон қилмаганини билдирди.

29 май куни Таиланд оммавий ахборот воситаларида мамлакат иқтисодиётини рағбатлантириш мақсадида ҳукумат виза қоидаларини юмшатишни ўз ичига олган иқтисодий рағбатлантириш режасини эълон қилгани тўғрисида ахборот тарқатилди. Унга кўра, Таиландга 60 кунгача визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони амалдаги 57 тадан 93 тага кўпаяди, 36 та янги давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.

Ушбу масала бўйича мамлакатнинг Бангкокдаги бош консулхонаси Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланган. Таиланд ТИВ консуллик департаменти маълумотига кўра, виза режимининг узайтирилиши тўғрисида ҳозирча расман ҳеч қандай маълумот эълон қилингани йўқ.

Таиланд ТИВ минтақавий бошқармаси маълумотига кўра, виза тартибини соддалаштириш бўйича ҳукумат қарори мавжуд ва бу бўйича консуллик департаменти томонидан Таиланднинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига тегишли йўриқнома юборилади ва ТИВ сайтида расмий маълумот чоп этилади. ТИВ Таиланд томонидан расмий нота олиниши билан қўшимча хабар берилишини қўшимча қилди.

Mashhur yangiliklar