Сурхондарёда прокурор пора олаётганда тезкор тадбирда ушланди
У ушбу пул маблағини ҳудуддаги МЧЖлардан бирига сув тежовчи технологияларни ўрнатиш билан боғлиқ масалаларда кўмаклашиш эвазига олаётган бўлган.
Сурхондарёда прокурор пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Унга кўра, 29 июнь куни Сурхондарё вилояти прокуратураси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори «ЕРС» МЧЖга сув тежовчи технологияларни ўрнатиш билан болиқ масалаларига кўмаклашиш эвазига фирибгарлик йўли билан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Шунингдек, 29 июнь куни Бош прокуратура ҳамда ДХХ ходимлари иштирокида яна бир тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро У.Х. (тадбиркор), «БДК» МЧЖ раҳбари А.Т.га ўзининг танишлари Ж.Ш. (суғурта маркази директори) ва Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори орқали Жиззах вилояти ички ишлар тергов органи иш юритувидаги жиноят иши доирасида ижобий экспертиза хулоса олиб беришга ёрдам бериш эвазига 105 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Қайд этилишича, тергов давомида прокуратура ходимининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.