Сирдарёда эгизак чақалоқларини 1 хонали уйга сотмоқчи бўлган ота-она ушланди
Эркакнинг қонуний оиласидан 4 нафар фарзанди бўлиб, бу аёл билан шаръий никоҳда яшаб келган.
Сирдарёда моддий жиҳатдан қийналгани учун фарзандларини сотаётган ота-она ушланди.
Маълум қилинишича, эркак ва аёл ўзаро танишиб Гулистон шаҳрида шаръий никоҳ асосида яшаб келган. Сўнгра улар эгизак фарзандли бўлган. Ушбу фуқаролар жиноий тил бириктириб, эгизак фарзандларини уйга айирбошламоқчи бўлган. Тезкор тадбир давомида улар уй ҳужжатларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Гулистон шаҳар судида кўриб чиқилди. «Қийналиб, боқолмаганим эвазига сотишга мажбур бўлдим», — дейди чақалоқларнинг отаси.
Суд мажлиси давомида эркакнинг қонуний оиласидан 4 нафар фарзанди борлиги маълум бўлган. Суд ҳукмига кўра, улар ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилган. Аёлга нисбатан қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги инобатга олиниб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил, эркакка нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.